Доимий муассасани ҳисобга қўйиш

Норезидентнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасаси деганда норезидент Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган, шу жумладан фаолиятни ваколатли шахс орқали амалга ошираётган ҳар қандай жой эътироф этилади. Норезидентнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасаси деганда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳар қандай кетма-кетликдаги ўн икки ойлик давр ичида бир юз саксон уч календарь кунидан ортиқ давом этадиган тадбиркорлик фаолиятининг амалга оширилиши ҳам эътироф этилади.

«Доимий муассаса» тушунчаси фақат солиқ соҳасидаги мақомни аниқлаш учун қўлланилади ва ташкилий-ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.
«Доимий муассаса» тушунчаси қуйидагиларни ўз ичига олади:
1. товарларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, бутлаш, қадоқлаш, ўраш-жойлаш, реализация қилиш билан боғлиқ фаолият амалга ошириладиган ҳар қандай жойни;
2. ҳар қандай бошқарув жойи, ваколатхона, филиал, бўлим, бюро, идора, офис, хона, агентлик, фабрика, устахона, цех, лаборатория, дўкон, омборни;
3. табиий ресурсларни қазиб олиш билан боғлиқ фаолият амалга ошириладиган ҳар қандай жойни: шахта, кон, нефть ва (ёки) газ қудуғини, карьерни;
4. қувур, газ қувури, табиий ресурсларни қидириш ва (ёки) ишлатиш, асбоб-ускуналарни ўрнатиш, монтаж қилиш, йиғиш, созлаш, ишга тушириш ва (ёки) уларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ фаолият (шу жумладан назорат ёки кузатув фаолияти) амалга ошириладиган ҳар қандай жойни;
5. ўйин автоматлари (шу жумладан приставкалар), компьютер тармоқлари ва алоқа каналлари, аттракционлар, транспорт ёки бошқа инфратузилмадан фойдаланиш билан боғлиқ фаолият амалга ошириладиган ҳар қандай жойни;
6. қурилиш майдонини (қурилиш, монтаж қилиш ёки йиғиш объектини), шунингдек ушбу объектларда ишларнинг бажарилишини кузатиб бориш билан боғлиқ хизматларни. Ҳар бир қурилиш майдони ишлар бошланган кундан эътиборан алоҳида доимий муассасани ташкил этувчи сифатида қаралади. Агар ёрдамчи пудратчилар Ўзбекистон Республикасининг бошқа норезидентлари бўлса, уларнинг фаолияти ҳам шу қурилиш майдонида ишлар бошланган кундан эътиборан ёрдамчи пудратчиларнинг алоҳида доимий муассасаси сифатида қаралади;
7. Ўзбекистон Республикасининг норезиденти билан шартнома муносабатлари асосида Ўзбекистон Республикасида унинг манфаатларини ифода этувчи, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг ушбу норезиденти номидан фаолият кўрсатувчи, Ўзбекистон Республикасининг шу норезиденти номидан контрактлар тузиш ваколатига эга бўлган ва ундан мунтазам фойдаланувчи шахс орқали фаолиятни амалга оширишни;
8. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ва Ўзбекистон Республикасининг норезидентига тегишли бўлган, у томонидан ижарага олинаётган ёки бошқача тарзда фойдаланилаётган омборлардан (шу жумладан божхона омборларидан) товарларни реализация қилишни;
9. бошқа ишларни амалга оширишни, ўзга хизматлар кўрсатишни, бошқа фаолиятни олиб боришни, ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган фаолият бундан мустасно.
Йўллар қурилиши ёки фойдали қазилмаларни қидириш каби муайян ҳолларда, яъни фаолият олиб бориладиган жой мунтазам ўзгариб турадиган ҳолларда, доимий жойни белгилашнинг бошқа мезонларидан фойдаланилади. Бундай ҳолларда бутун лойиҳа унинг кўчма хусусиятидан қатъи назар, доимий муассаса сифатида қаралади.

«My Lawyer» Адвокатлик фирмаси мутаҳассислари норезидентнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасасини давлат солиқ органларида ҳисобга қўйиш бўйича хизматларни кўрсатади.